Чўнтагингиздан уяли телефонни олдингиз-да, сўзлашиб бўлиб, шартта шақир-шуқур қилганча у ёқ-бу ёқларини бурадингиз ва, қарабсизки, телефон роботга айланди-қолди. Буларнинг ҳаммаси уйдирма, кино-ку, деб ўйлаган бўлсангиз...
Буралиб-суралиб ё машинага, ё самолётга, ё вертолётга, хуллас, замонавий «шайтон аравага» айланадиган роботлар ҳақидаги «Трансформерлар» франшизаси нафақат уларнинг ватани Америка ёки Японияда, балки бутун дунёда катта муваффақият билан намойиш этилди. Табиийки, шунга ўхшаш «лаш-лушли» мосламалар бўлишини одамлар ҳам истаб қолишди. Демак, талаб борми, таклиф ҳам тез орада топила қолди. Бутун дунёдаги дизайнерлар трансформерлар кўринишидаги турлича гажетлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди.
Франшизанинг биринчи қисмини томоша қилганлар кубнинг оддий уяли телефонини қандай қилиб роботга айлантирганини эслашлари мумкин. Хитойлик муҳандислар экрандаги нарсани рўйга айлантиришга қарор қилишди ва роботга айланадиган телефонларни яратишди.
Уяли телефонлар ҳали ҳолва экан, мана бу расмдаги трансформер ўйин консолларига нима дейсиз?
Рақамли фотоаппарат кутилмаганда роботга айланса, «унинг ичидан чиқадиган қушу» расмга кулиб тушиш кераклигини эсингиздан ҳам чиқариб қўйсангиз керак?
Мана бу биноклдан нарида яшайдиган қизларни томоша қилмоқчи бўлишса, у шартта роботга айланиб танбеҳ беришга киришади. Шунинг учун эҳтиёт бўлиш даркор.
Қизалоқнинг қулоғига осилиб юришнинг ҳам ўзига яраша гашти бормикин?
Тинч турганида бу шунчаки USB-флешка, жаҳлини чиқарсангиз – RAVAGE лақабли трансформер-пантерага айланади.
Мана бу ҳолни ҳам кинода бир неча бор кўргансиз: катта юк машинаси кўплаб болакайларнинг овучоғи - Оптимус Праймга айланади. Фақат бу ҳақиқий машина эмас, iPod плеери учун колонка, Оптимус Прайм ҳам қандайдир оқариб кетганми-ей.
Бу компьютер сичқончаси айланиб робот қиёфасига кирса, ундан сичқонча сифатида фойдаланиш қулайми ёки... Бунинг устига тишлаб олмаса бўлгани.
Ниҳоят, электрон мосламалардан пойабзал томон қиё боқсак – ушбу робот кроссовка қиёфасига кириб олиши мумкин. Шунинг учун кутилмаганда оёғингизни суқсангиз, узиб олмасин тағин.