Учрашув бошидаёқ "қалдирғочлар” ҳисобни очишди. "Локо” дарвозасига киритилган голда ўтган мавсумда ижарада бўлган футболчилар – Анвар Раҳимов ("Олмалиқ”да) ва Баҳодир Пардаев ("Насаф”да) иштирок этишди. 6-дақиқада «Бунёдкор» ярим ҳимоячиси ўнг қанотдан дарвозага тахминан 25-30 метрлар масофадан жарима зарбасини амалга оширди. Ҳаводан узатилган тўпни эса Пардаев боши билан мўлжалга аниқ йўллади.
Шундан сўнг "Бунёдкор” танаффусгача гол киритиш учун юз фоизли иккита имкониятга эга бўлди. Дастлаб Анвар Раҳимовнинг жарима зарбасидан йўллаган тўпи дарвоза устуни ва тўсини туташган жойга тўғри келиб қолди. Сўнг Баҳодир Пардаевнинг жарима майдончаси ичида туриб берган хавфли зарбасини рақиб посбони бартараф этди.
Ҳикмат Эргашев шогирдлари иккинчи бўлимни ҳам ҳужумкор руҳда бошлашди. Аксинча, "Локомотив”нинг олдинги чизиғида ҳаракат қилган тажрибали Павел Соломин ундан кутилган фаолликни намойиш қила олмади. Тез орада Марат Кабаев устозлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг асосий ҳужумчиларидан бири Темурхўжа Абдухолиқов амалга оширган пасдан кейин "Бунёдкор”нинг янги аъзоси Сардор Рашидов ("Сўғдиёна”дан) ҳисобни 2:0 га етказди. 74-дақиқада ҳисоб биратўла йириклашди: Азиз Ғуломхўжаев – Темурхўжа Абдухолиқов – Дониёр Ҳасанов комбинацияси натижасида Дониёр "темирйўлчилар” дарвозабони билан яккама-якка ҳолатга чиқди. У совуққонлик билан посбонни алдаб ўтди ҳамда ўткир бурчак остида қолганлигига қарамай, тўпни тўрга муаммосиз йўллади – 3:0.
81-дақиқада "Локомотив” бош мураббийи Вадим Абрамовнинг кенжа ўғли - ёш Карен Абрамов орадаги фарқни қисқартирди. У тўрт дақиқа ўтиб иккинчи голини ҳам киритиши мумкин эди. Тўғрироғи, у биринчи уринишида пенальтидан гол киритди ҳам. Аммо "Локо” вакиллари зарбадан олдин жарима майдончасига кириб кетганлари сабабли, Осиёнинг сўнгги икки йилдаги энг яхши ҳаками голни бекор қилди. 11 метрли жарима зарбаси қайтатдан тепилганда эса тўп дарвозадан баланддан ўтиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, бу "Бунёдкор”нинг иккинчи таркиби иштирокидаги мавсум оралиғидаги иккинчи ўйин. Бунгача "қалдирғочлар” 25 декабрь куни "Чиғатой”да ўтган беллашувда "Локомотив” БФКни 2:0 (Ориф Мамажонов, Азиз Ғуломхўжаев) ҳисобида доғда қолдирган эдилар.
БУНЁДКОР – ЛОКОМОТИВ 3:1 (1:0)
Голлар: Б.Пардаев 6 (1:0), С.Рашидов 58 (2:0), Д.Ҳасанов 74 (3:0), К.Абрамов 81 (3:1)
Амалга оширилмаган пенальти: К.Абрамов 85 (баланд)
БУНЁДКОР: Акбар Тўраев, Эркин Бойдуллаев, Дониёр Усмонов, Шавкат Раимқулов, Тимур Яфаров, Александр Хвостунов, Фарруҳ Мирюнусов, Анвар Раҳимов, Элёр Жаҳонов, Яннис Мандзукас, Баҳодир Пардаев
Иккинчи бўлимдаги таркиб: Виктор Мочалов, Азиз Ғуломхўжаев, Камолиддин Тожибоев, Фарруҳ Нурлибоев, Омад Тайлаков, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Санжар Тўрақулов, Дониёр Ҳасанов, Темурхўжа Абдухолиқов, Ориф Мамажонов, Сардор Рашидов; шунингдек, яна захирадан тушганлар: Зафар Сафоев, Миразиз Жалолов
Ҳакамлар: Р.Эрматов, А.Расулов, Р.Ильясов
29 декабрь. Тошкент. "Чиғатой” футбол маркази