АЙШВАРИЯ РАЙ: «ҚАЙНОНАМГА ЎХШАCАМ ДЕЙМАН»
Айшвария Рай 1973 йилнинг 1 ноябрида Ҳиндистоннинг Мангалор шаҳрида таваллуд топди. Унинг отаси савдо флотининг офицери, онаси эса адиба. У болалигида мумтоз мусиқа ва рақс мактабида таҳсил олган. Инглиз, ҳинд, урду, тамил тилларида равон гаплаша олади. Болливуднинг биринчи рақамли актрисаси, дунё гўзали ҳамда мегаюлдуз Амитабх Баччаннинг келини. Айшвария нафақат Болливуд, балки Голливуд фильмларида ҳам суратга тушади. Машҳур Мадам Тюссо музейида ҳинд киноактёрлари орасида биринчи бўлиб Райнинг мумдан ясалган ҳайкали қўйилган экан. Кейинчалик эса бундай шараф Амит соҳиб ва Болливуд қироли Шоҳруҳ Хонга насиб этди. Бутун фаолияти давомида кўплаб фильмларда бир-бирига ўхшамаган образлар яратган актриса ўтган йили Абхишек Баччанга турмушга чиқди.
-Энди сизни кўпчилик Айшвария Рай эмас, балки Баччан хоним деб билади. Ўзингизга қайси фамилия кўпроқ маъқул?
-Мухлисларим менинг илгариги фамилиямга кўникиб қолишган. Она ватаним Ҳиндистон ва мен ҳинд қизиман. Бизда турмуш қургандан сўнг ҳар бир ҳинд қизи турмуш ўртоғининг фамилиясига ўтиши унинг бурчи ҳисобланади.
-Турмуш қурганингизга салкам бир йил бўлаяпти, янги оилага кўникиб кетган бўлсангиз керак…
-Мен бу оилага келин бўлиб тушганимдан бери Абхишек ва ота-онасининг илиқ муносабатини ҳис этиб келмоқдаман. Шундай оилага келин бўлиб тушганимдан фахрланаман ва уларга муносиб келин бўлишга ҳаракат қиламан.
-Яқинда сиз ҳақингизда «Айшвария қайнонаси билан келишолмаяпти, шунинг учун эри билан бошқа уйга кўчиб ўтмоқчи» деган гапларни эшитиб қолдик…
-Бўлмаган гап. Жая хоним ажойиб аёл, у мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Кези келганда ўзининг маслаҳатларини аямайди. Чунки унинг ўзи ҳам актриса. Мен қайнона-қайнотамнинг ҳурматини жойига қўйишга чин кўнгилдан ҳаракат қиламан. Бу гапларнинг барчасини оммавий ахборот воситалари томонидан ўйлаб топилган навбатдаги сафсаталар деб ҳисоблайман.
-Аш, Айшу ва «Болливуд қироличаси»... Бу номларнинг қай бири дилингизга яқин туради?
-Аш. Илгари ота-онам ва яқинларим шундай деб чақиришарди. Эндиликда турмуш ўртоғим ҳам мени шу ном билан атайди.
-Фаолиятингиз давомида турли хил образлар яратгансиз. Ўзингизга ёққан образ бу...
-Менга кўпроқ мумтоз асарлар ёқади. «Умраожон» фильмида яратган Умраожон ва «Девдас»даги Паро образларимни қадрлайман. «Девдас» фильми мени дунёга «Дунё гўзали» эмас, балки актриса сифатида танитди. Шунингдек, бу фильм «Оскар»га ҳам номзод бўлган, Канн кинофестивалида намойиш этилган.
-Абхишекнинг актёрлик фаолиятини қандай баҳолайсиз?
-У жуда иқтидорли актёр. Шахсан мен, унинг актёрлик фаолиятига аъло баҳо берган бўлардим. Унинг ижодини фақатгина мухлислари баҳолашга ҳақлидирлар.
-Инсон сифатида-чи?
-У жуда ҳам рашкчи ва қаттиққўл, шу билан бирга санъатимни ҳурмат қиладиган инсон. Қаерга сафарга бормасин, доим мени ўзи билан бирга олиб юради. Ишдан қайтганида доим уни кутиб олишга ҳаракат қиламан. Мабодо, мени уйда тополмаса, катта жанжал бўлиши аниқ. 2008 йилда биз Абхи билан мухлисларимизга «сюрприз» ҳавола этмоқчимиз.
-Қанақа сюрприз эканлигини билсак бўладими?
-Ёз ойларида мен ва турмуш ўртоғим янги фильмда суратга тушишга тайёргарлик кўраяпмиз. Хабарингиз бор, «Тезлик-2» фильмида ҳам биз бирга суратга тушган эдик. Аммо у ерда мен Ритик билан жуфтлик яратгандим. Бу сафар Абхишек билан бирга ўйнаш ниятим бор. Бу бизнинг мухлисларимизга ёқади, деб ўйлайман.
-Севишганлар кунида турмуш ўртоғингиздан қандай совға кутаяпсиз?
-Аёл учун энг яхши совға бу гуллар бўлса керак. Ундан қизил атиргуллардан ясалган катта гулдастани кутаман.
-Айшварияга кинога тушишдан ташқари яна қандай машғулотлар ёқади?
-Мен саёҳат қилишни яхши кўраман, шунингдек,турли хил маркадаги соатларни йиғиб бораман. Ҳар сафар янги жойга ташриф буюрганимда, бу шаҳарнинг тарихи билан танишиб чиқаман. Бу жуда қизиқарли.
-Агар сиз актриса бўлмаганингизда…
-Болалар шифокори бўлардим. Бу менинг болаликдаги орзуим эди. Касбим бўйича архитекторман. «Дунё гўзали» тожини кийгунимга қадар актриса бўлишни хаёлимга ҳам келтирмаганман.
-Келгусидаги режаларингиз?
-Голливуддан иккита таклиф олганман. Ҳозирча шуларни ўрганиб чиқаяпман. «Болливуд»даги режаларим ҳозирча сир бўла қолсин.