Ёш боланинг танглайини кўтариш, катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Менинг ўғлим туғилганда уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У зот уни Иброҳим, деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар. Мана, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳам ўз ҳаётларида ёрқин из қолдирган бу ҳодисани шавқу-завқ ила ҳикоя қилиб бермоқдалар:
«Менинг ўғлим туғилганда уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим».
Ана шу ишга тақлид қилиб янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.
«У зот уни Иброҳим, деб номладилар»
Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундоқ кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим номини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли.
«хурмо ила танглайини кўтардилар»
Ёш боланинг танглайини кўтариш, катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир.
«ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар»
Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир ғулом ақийқаси гаровидир. Унинг учун еттинчи куни сўйилур, сочи олинур ва исм қўйилур»-дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда янги туғилган фарзандга оид бир неча нарсалар зикр қилинмоқда:
1- «Ҳар бир ғулом ақийқаси гаровидир».
Демак, ҳар бир янги туғилган фарзанднинг баъзи бир ишлари унга ақийқа қилишга боғлиқ бўлиб турар экан. Агар ақийқа қилинса, ўша ишлар юзага чиқади, бўлмаса, худди гаровга олингандай юзага чиқмай тураверади.
Баъзи уламоларимиз, жумладан, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Аъто ал-Хуросонийлар, ҳар бир фарзанднинг, агар гўдаклигида ўлиб кетса, ота-онасига шафоатчи бўлиши унинг ақийқасига боғлиқдир. Агар унга ақийқа қилинган бўлса, қиёматда жаннат эркатойларидан бўлади ва агар жаннатга олдин ота-онам кирмаса, мен кирмайман, деб туриб олади. Шундоқ қилиб у ўз шафоати ила ота-онасининг жаннатга киришига сабаб бўлади, деганлар.
Имом ал-Лайс ва Довуд аз-Зоҳирий ва бошқалар эса, янги туғилган фарзанднинг яхши униб-ўсиб, бахтли-саодатли бўлиши унинг ақийқасига боғлиқдир, шунинг учун ақийқа қилиш вожибдир, деганлар.
Лекин жумҳури уламолар «ақийқа» қилиш суннати муаккада, деганлар.
«Унинг учун еттинчи куни сўйилур».
Ақийқа фарзанд туғилганининг еттинчи куни қилинади. Агар еттинчи куни имкони бўлмаса, ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни қилинади.
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ақийқа еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи куни сўйилур», деганлар.
Агар у кунлари имкони бўлмаса, имконини топганда қилаверади.
Янги туғилган фарзандга ақийқа қилиш отанинг фарзанд олдидаги бурчидир.
«сочи олинур»
Бу иш ҳам фарзанд туғилганининг еттинчи куни амалга оширилади. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, бу сочга нифос қони теккан бўлади. Шунинг учун ҳам у боладан кетказилиши лозим бўлган нопок, озор берувчи нарсалар қаторига қўшилган. Ўша еттинчи куни олинган соч вазнида кумуш ёки унинг қиймати садақа қилиниши ҳам мазкур озордан холос бўлганлик шукронаси бўлса, ажаб эрмас.
«ва исм қўйилур»
Янги туғилган фарзандга исм қўйиш ҳам еттинчи куни қилинадиган ишлардан бири. Ҳар бир янги туғилган фарзандга яхшилаб исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчидир.
Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндошмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, исмларнинг яхшиси, бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир, деганлар. Шунинг учун, Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи, Абдуллоҳ, Абдурроҳман, Абдуссаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи, Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.
Шунингдек, Пайғамбарларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари яхши исмлари ҳисобланади.
Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимиз, саҳобия аёллар ва эзгулик маъносини англатувчи исмлар қўймоқ керак.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Уриш, Хўтик, Абдулуззо каби ноқулай исмли саҳобаларнинг исмларини яхши исмларга алмаштирганлари машҳур.
Шунингдек, У зот баъзи саҳобия аёлларнинг исмларини ҳам яхши исмларга алмаштиганлар. Бинобарин, бази кишилар тушунмай ноқулай номлар билан аталиб қолган бўлсалар, дарҳол номларини Исломий исмларга алмаштириб олсалар яхши бўлади. Анас розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Абу Толҳа туғилганда уни Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз туяларига қатирон суркаётган эканлар. Бас, у зот:
«Сенда хурмо борми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
Сўнгра у зотга бир нечта хурмо узатдим. У зот уларни ўз оғзиларига солиб чайнадилар. Кейин бувакнинг оғзини очиб уларни унинг оғзига солдилар. Бувак уни тили билан сўрди. Шунда Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ансорийда, хурмони яхши кўради» дедилар ва уни Абдуллоҳ деб номладилар». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Мазкур Абдуллоҳ ровий Анас ибн Молик розиаллоҳу анҳунинг она бир укалари бўлади. Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламга буваклар келтириларди. У зот уларга барака тилаб дуо қилар ва танглайларини кўтариб қўяр эдилар». Муслим ривоят қилган.